Blog

БИРЛАШГАН ЎЗАР

Р.А. Хаитов – БухМТИ ёшлар билан ишлаш бўйича проректор, 

Н.И. Мирзақулова – “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи”

 

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 27 апрелидан 28 апрелига ўтар кечаси мамлакатимизга Туркманистон республика-сидан кириб келган кучли тўфон сабабли  Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари катта талофат кўрди.   Бу катта офат аҳоли турар-жойлари, ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш соҳа ҳамда саноат корхоналари биноларининг том қисми шиферлари ва айрим конструктив қисмларини қисман ёки бутунлай бузиб ташлади. Бундай ҳолда табиийки, инсонлар бир-бирининг ёрдамига муҳтож бўлишади. Буюк тарихий меросга эга бўлган халқимиз орасида шундай умуминсоний қадриятлар шаклланганки, улар бир-бирини қўллаш, меҳр кўрсатиш, руҳан далда бўлиш, бир-бирига ғамғўрлик қилиш туйғулари орқали  бирлашишга ва ҳар қандай қийинчиликни бирлашиб енгишга ундайдилар. Бу эса албатта халқнинг, миллатнинг ва қолаверса давлатнинг  буюк қудратидан далолатдир. Хусусан, муҳтарам Президентимизнинг талофатнинг илк кунларидаёқ ушбу туманларга етиб келишлари ҳамда халққа далда бўлиб, талофатдан жабр кўрган хонадонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишида бош-қош бўлиб туришлари халқимизни янада жипслаштирди. Мушкулотлар биргаликда бартараф этилса, ундан чиқариладиган сабоқнинг қадри ҳам ҳаминқадар баланд бўларкан. Шу сабабли ҳам халқимиз: “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”, – деб бекорга айтишмаган.  Талофатдан зарар кўрган хонадонларга мамлакатимизнинг барча вилоятларидан қурилиш хом-ашё материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўмак сифатида етказиб берилаяпти. Албатта бундай ҳолатга Бухоро муҳандислик – технология институти жамоаси ҳам қўл қовуштириб қараб тургани йўқ. Талофатнинг илк кунларидан бошлаб барча кўнгиллилар қатори институтнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари ва ишчи-ходимлари бир ғоя атрофида бирлашиб, Олот туманининг “Эски Олот” маҳалласида зарар кўрган хонадонларга беминнат ёрдам кўрсатиб келишмоқда. Ҳашар ёрдамида кўчалар қурилиш ва маиший чиқиндилардан тозаланди, хонадонларнинг томлари таъмирланиб, фасад қисмлари оқланди. Бундан ташқари  институт раҳбарияти ва касаба уюшмаси томонидан жабр кўрган хонадон вакилларига моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг ҳолидан куну тун хабар олинмоқда. Институт жамоаси томонидан Олот тумани “Эски Олот” маҳалласидаги зарар кўрган 427 та хонадоннинг тиклаш-таъмирлаш ишларига ёрдам кўрсатилиб, 41 та хонадонга 10 турдаги зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Улар орасида ногиронлар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар ҳам бор.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, институтимиз жамоасининг ҳар бир аъзоси талофатдан зарар кўрган инсонларнинг кечинмаларини ўз таналарида ҳис қилишди ва уларнинг аввалгидай фаровон ҳаётга қайтиш учун қилаётган саъй-ҳаракатларига беминнат ёрдам кўрсатишни давом эттираяптилар.

 

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *