Blog

Баҳорги семестр учун узрли сабабларга кўра ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалар диққатига!

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 09.12.2020 йил № 651-сонли буйруғига асосан узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган

⚠️ Ҳудудий ишчи гуруҳлари 2020 йилнинг 20 декабридан 2021 йилнинг 25 январь кунига қадар (ўша куни ҳам) фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақидаги” 2017 йил 20 июндаги №393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларини талабалари ўқишини кўчириш,  қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ талабалар ўқув йилининг ўртасида фақат қуйидаги узрли сабабларга кўра ўқишини кўчириш тўғрисида ариза топширишлари мумкин:

– талаба бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда;

– талабанинг турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда;

– талабанинг ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда.

 

❗️Ушбу сабаблардан бошқа ҳолатларда талабалар умумий тартибда ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Бошқача айтганда юқоридаги 3 та сабаб бўлмаса, ўқув йилининг ўртасида ўқишни кўчириб бўлмайди.

Фуқаролар узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

– ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);

– талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);

– паспорт нусхаси;

– юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.

 

Мурожаат учун манзили: Бух МТИ нинг 3-ўқув биноси 213-хона. Тел. (65) 223-97-50.

Иш вақти ҳар куни соат 900 дан 1700 гача

(якшанба – дам олиш куни; шанба соат 900 дан 1500 гача)

 

Share this post