Blog

АЖДОДЛАРИМИЗ ҒОЯЛАРИНИ ПУХТА ЭГАЛЛАГАН ҚУДРАТЛИ ХАЛҚМИЗ

Бутун дунё ҳамжамиятида бўлгани каби гўзал диёримизда ҳам шавқатсиз ёв кезиб юрибти. Йўлидан чиққан ёшу-қарини, аёлу-эркакни танимайдиган, уларнинг насл-насабию, ирқ ва миллатини тан олмайдиган кўзга кўринмас “душман”  ўзига таслим бўлганларни аёвсиз домига тортмоқда. Тобора юксалиб, дунёга юз тутаётган иймони бутун, бағри кенг ва диёнатли халқимиз шундай синовли кунларда жипслашиб, давлатимизни қўлдан келганча ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, маънавий ва моддий юксалиш йўлидаги собитқадам амалларини рўёбга чиқариш даврида, айрим кимсалар ўзини ислом дини раҳномосидек кўрсатиб турли фисқу-фасот гапларга аралашиб қолмоқда.

Шу қадар буюк миллатнинг, маърифатли халқнинг номидан турли уйдирмалар тарқатиш, ижтимоий тармоқларда давлат мавқеига путур етказадиган номақбул фиркларни тарғибот қилиш ҳеч кечирилмайдиган ҳолатдир.

Ислом-одамларни яхшиликка даъват этади, ёмонликдан қайтаради. Инсонпарварликни тарғиб этиб, разолатни қоралайди, одоб-ахлоқ, руҳий-маънавий поклик ва етукликка, меҳнат қилишга ҳамда ер юзини обод ва гўзал этишга ундайди. У адолат, тенглик, тинчлик, эркни тараннум этади.

Ижтимоий тармоқларда ўз манфати йўлида ўзини халқпарвар қилиб кўрсатаётган кимсалар турли “ақлли” чиқишлар қилиб, бугинги  синовли кунларда сабр-матонатни ва давлатимизга бўлган ишончни поймол этишмоқда. Ўзини халқга дўст, насиҳатгўй кўрсатиб майдонга чиққан кимсалар “ношукурлик қилмаяптимикан”лар?

Ахир улар ўзларининг хайрихоҳликлари ҳақида хабар бераётган одамларни ишонтириб, давлатга хиёнат қилаётганликларини сезмаяптиларми?

Чунки олийжаноб халқимиз орасида иккиюзламачи, товламачи  одамларни танимайдиган соддадил инсонлар оз бўлсада топилади. Иккиюзламачининг ниқоби қаерда-ю ва ҳақиқий юзининг қаердалигини тушуниш қийин. Бугун бир фикрни баралла айтиб, эртасига ўзининг фикрини инкор қилган инсонларни яна қандай аташ мумкин?

Улар ўзининг тор дунёқараши билан омма олдида бошқа одамларни танқид ёки муҳокама қилишига, турли маълумотларни ўз мақсадларига мослаштириб ифода этишларига қараб ачинасиз??? Бу нусхадаги одамлар кўпинча руҳий хаста бўлиб қолишади. Бу ажабланарли эмас: кунлар давомида рол ўйнашга ҳаракат қилишади. Охир-оқибат улар тўхтаб қолишади, ўзлигини йўқотади. Бора-бора ҳеч ким улар билан мулоқот қилишни хоҳламайди, жамиятда яккаланиб қолади …

Бундай инсонлар ўз манфаатларини кўзлаб вазиятга қараб ўзгариб туради, ҳаётда ҳақиқий дўстларини йўқотади, норозилик ва ношукурлик кайфияти, ғазаб ва салбий ҳиссий реакциялар туфайли руҳий тушкунликка тушиб қолади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек, “Жонажон Ўзбекистонимиз янги ўн йилликка қадам қўймоқда. Эришган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизга янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифалар ва имкониятлар пайдо бўлмоқда”.

Доно халқимиз ҳаётдан завқ олиб, келажак сари олға интилмоқда, ҳар қандай бузғунчи ғоялар бизнинг йўлимизда тўсиқ бўла олмайди. Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатларида “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак” деб бежиз айтмадилар.

Хулоса қилиб айтганда, халқ ва давлат ўртасида душманлик руҳини сингдирувчи, маҳалланинг қадр-қимматини камситувчи, яратувчилик меҳнатлари ва кучини, инсон иродасининг эркинлигини инкор этувчи кимсалар ўзларининг танқидий дунёқарашларини ўзгартириб, хонадонимиз, маҳалламиз, шаҳар ва қишлоқларимиз гуллаб-яшнаши учун ҳаракат қилсалар, шукроналик кайфиятида яшаб, асоссиз фикрлар билан бошқаларни чалғитмасалар оғир ва синовли кунларимизда ҳар қандай муаммо ва офатни енга оламиз.

Ахир Ислом ва унинг асосий таълимоти мужассамланган «Қуръони карим»да инсонни ҳам ақлий, ҳам ахлоқий, ҳам жисмоний шакллантириш уни комилликка етаклаши ҳақида такрор ва такрор сўз юритилган. Зеро, ўзбек халқи маънавий меросимизни қадрлайдиган, буюк аждодларимизнинг ғояларини пухта эгаллаган қудратли халқдир.

 

Бухоро мухандислик-технологиялар институти жамоаси

Share this post