Blog

«АДОЛАТ ҲАР БИР ИШДА ҲАМРОҲИМИЗ ВА ДАСТУРИМИЗ БЎЛСИН!»

Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг мантиқий асоси бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуни ва Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида олий таълим тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Коррупциядек аср вабоси ҳар қандай давлатнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказадиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келадиган улкан иллат ҳисобланади.  Коррупция илдиз отган жойда адолатсизлик, иймонсизлик, қонунга ҳурматсизлик ҳукмронлик қилиб, парокандалик юз бериши муқаррардир.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, таълим соҳасида ҳам  масъул ходимлар ўртасида пора олиш билан боғлиқ ҳолатларни йўқотиш қийин кечмоқда. Нафснинг қулига айланган айрим ноинсоф шахсларнинг касрига бутун бошли олий таълим тизимига доғ тушмоқда. Тўғри, коррупция аталмиш бало бошқа соҳаларда ҳам йўқ эмас, албатта. Буни ҳар қандай кўзи ва қулоғи бор одам рад эта олмайди. Аммо таълимдаги коррупция бу ана шу иллатни ишлаб чиқариш заводидек гап. Унинг мамлакат тараққиёти ва жамият ҳаётидаги салбий оқибатини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Шу боис Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни ва давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида олий таълим тизимини “коррупциясиз соҳа”га  айлантириш борасида концептуал фикрлар ўртага ташлангани бежиз эмас. Таълим муассасасида касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш асосий мезон деб биламан.

Коррупцияни олдини олишда таълим тизимидаги синовларни шаффоф, очиқлик тамойиллари асосида ўтказиш ниҳоятда муҳимдир. Яна бир нарсани айтиш керакки, қанчадан-қанча чора-тадбирлар белгиланмасин, агар таълим муассасасидаги ҳар бир талаба, профессор-ўқитувчи, масъул ва ёрдамчи ходимлар чин юракдан коррупцияни йўқотишга бел боғламаса, бари бефойда. Чунки тизим катта. Унинг қайси бурчагида ким нима билан шуғулланаётганини бирдек кузатиб бориш жуда мушкул.

Дарҳақиқат, таълимга эътиборсизлик миллат таназзули демакдир. Ҳар қандай миллатнинг асосини замонавий билим олган, кенг дунёқарашли ёшлар ташкил этади. Жанубий Африка Республикаси Стелленбосс университети пештоқига ёзиб қўйилган қуйидаги ибора мавжуд вазиятни бор оқибатлари билан ифода этади: «Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир. Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади”.

Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: «Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!» деган чукур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур. Шу нуқтаи назардан барча ҳамкасабаларимизни олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасликка ва коррупциядек аср иллатига қарши курашишда фаол иштирок этиш, виждон амри билан иш кўришга чақираман.

Чарм, мўйна буюмлари технологияси ва дизайни”

кафедраси доценти  Узоқова Лайло Полвоновна

Share this post