Blog

“Аввал Ватан, кейин жон” деб номланган адабий учрашув ва маданий – маърифий тадбир бўлиб ўтди

Киприк кетар, кўз қолар,

Қолар Ватан, жонажон,

Жамолдан шу сўз қолар,

Аввал Ватан,  кейин жон…

Жамол Камол

            Бухоро муҳандислик-технология институтида 2019 йил 22  июнь куни O’zlidep сиёсий таълим маркази, Институт касаба уюшмаси ва “Ижтимоий фанлар” кафедраси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг ижроси доирасидаги, “Аввал Ватан, кейин жон” деб номланган адабий учрашув ва маданий – маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур шеърият, нафосат байрамини ташкил этишдан мақсад – Бухоройи Шарифнинг асл фарзанди, моҳир таржимон, давлат ва жамоат арбоби, зукко олим, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг 80 йиллик юбилейини нишонлаш ва олти жилдлик сайланмасининг тақдимотини ўтказишдан иборат бўлди. Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодга китобхонлик маданияти – ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ривожлантириш омили эканлигини, китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмаслигини англатишдан иборат бўлди.

Тадбирни институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори доц. Шуҳрат Маҳмудович Ходжиев очиб бердилар. У киши барчани китобхонлик ва маънавият байрами билан табриклаб, Бухоронинг асл фарзанди Жамол Камолнинг мазкур тадбирга ташриф буюрганлиги унга файз ва шукуҳ бағишлаганлиги ҳақида сўзлаб, истеъдодли шоир, моҳир таржимон ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг халқимиз олдида қилган хизматлари ҳақида  гапириб бердилар.

Шунингдек, Ижтимоий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Мавлуда Раҳмонова сўзга чиқиб, Жамол Камолнинг таржимаи ҳоллари хусусида, инсоний фазилатлари, таржимонлик маҳоратлари ва ёзган шеър ва достонларининг юртимиз ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга бўлган ҳиссаси ҳақида гапириб берди.

Пойтахтдан ташриф буюрган меҳмон, аслида БухМТИ етиштириб берган кадр  – O’zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари, и.ф.н., доц. Насим Ҳошимович Алимов “Президентимизнинг  5 муҳим ташаббуслари – ҳаётга!” мавзусида маъруза қилиб, ёшларга китобхонлик маданияти – ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ривожлантириш омили эканлигини тушунтириб берди ва Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолни мана шу муҳим ташаббусни қўллаб – қувватлаб, улуғ ёшда эканликларига қарамай, Республикамиз бўйлаб маърифат улашиб, олийгоҳларга китоб улашиб, маърифат тарқатиб юрганликлари билан табриклади.

AҚШ нинг Mичиган университети икки профессори –  Темирхўжа ўғли Кўчарли ҳамда Грехан Норманлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолни ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб танишини, устози томонидан айнан мана шу ўзига хос, забардаст шоирнинг ижодини ўрганиш таклифи бўлганлиги туфайли 50 йилдан буён у кишининг ижодини доимий равишда кузатиб бориши ва кўплаб илмий асарлар ва мақолалар ёзганлигини гапириб беришди.

Айниқса, Темирхўжа ўғли Кўчарлининг бухоролик йирик савдогар Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг авлоди эканлиги ва улар ҳали ҳам оиласи билан Бухорони, Ўзбекистонни тарихий она Ватан деб билишларини айтиб, таржимонсиз, тушунарли ўзбек тилида гапирганда, барча йиғилганлар хурсанд бўлиб уни олқишладилар.

Адабий учрашувда БухДУ доценти, ф.ф.н. Лайло Шарипова Жамол Камол шеъриятининг ўзига хослиги хусусида маъруза қилар экан, шоир шеърларидан ўқиган парчалари тингловчиларга жуда ҳам манзур бўлди.  БухМТИ “Тиллар” кафедраси мудири, ф.ф.н., доц. Гуландом Юнусова “Румийни танитган аллома” мавзусида маъруза қилди ва “Маснавийи маънавий” китобига шоирдан дастхат олди.

Тадбир меҳмонлари – БухДУ профессорлари, йирик тарихчи олимлар –  Сулаймон Иноятов ҳамда Шодмон Ҳайитовларнинг оташин нутқлари йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди.

Шоирнинг иқтидорли ва ижодкор талабалар билан мулоқоти айниқса эсда қоларли бўлди. Дизайн йўналишининг иқтидоли рассом талабалари –  Орипов Амирбек ва Асадова Наргизаларнинг тадбир давомида чизган шоирнинг ёшлик йиллари ва ҳозирги қиёфасини акс эттирган портретлари барчани лол қолдирди, шунингдек шоирни  жуда хурсанд қилди.

 

Ўзбекистон халқ шоири Жамол  Камолнинг “Кўнгил одами бўлинг” деб номланган маърузаси профессор – ўқитувчилар, талаба – ёшлар ва барча меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди. Шоир юртимизнинг мустақил, халқимизнинг маърифатли бўлиши ва Ватанимизнинг  энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши учун ўз ғоялари, бойликлари, сайъ – ҳаракатлари ва ҳаттоки, ўз жонини ҳам аямаган, советлар томонидан 1938 йилда қатағон қилинган Абдурауф Фитратнинг саодати дорайн, яъни “у дунёни деб бу дунёни, бу дунёни деб у – охират дунёсини унутмайлик”, – деган ғояси шоирни доим илҳомлантириб келганлигини, Жамол Камол ҳам ёшларимизни шу ғояга содиқ ҳолда, уларда динийлик ва дунёвийлик, моддийлик билан маънавийлик доим уйғун ҳолда бўлишини, баркамол инсонлар бўлиб етишишлари учун қўлидан келганча ҳаракат қилаётганликларини айтганда, йиғилганлар жуда таъсирланиб кетишди.

Тадбир сўнгида тақдирлаш  маросими бўлиб ўтди. Жамол Камолга институт маъмурияти томонидан Бухоронинг қадриятлари, миллий анъаналарини ўзида акс эттирган китоб – альбом “Бухоро ҳунармандчилиги дурдоналари” китоби тақдим этилди. Шоир томонидан эса, ўз навбатида Шоирнинг 6 жилдлик сайланмалари ёшлар мутолаа қилишлари учун институт АРМ га, шахсан институт ректорига эса “Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом” ва бошқа китоблари совға сифатида тақдим этилди.

Албатта, қолган меҳмонларга ҳам ўзбекона удумлардан келиб чиқиб, лутфан китоблар, гуллар ҳадя этилди. Адабиётга ошно кўнгил соҳиблари бўлган ёшлар ва мухлис профессор – ўқитувчиларнинг шоирга гуллар совға қилишгани тадбирга яна ҳам кўтаринки кайфият бағишлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ижроси доирасидаги, халқимизнинг ардоқли ижодкори, Бухоройи Шарифнинг асл фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг олти  жилдлик сайланмасининг тақдимоти юксак савияда ўтказилди.

Ёшларимизга  китобхонлик маданияти – ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва ривожлантириш омили эканлигини ва китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмаслиги буюк шоирнинг ҳаёт йўли, ижоди мисолида, AҚШ нинг Mичиган университети икки профессорлари –  Темирхўжа ўғли Кўчарли ҳамда Грехан Норманлар ва O’zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари, и.ф.н., доц. Н.Ҳ. Алимов, БухДУ профессорлари, йирик тарихчи олимлар –  С.И. Иноятов ҳамда Ш.Ҳ. Ҳайитовлар мисолида ёшларга тушунтириб берилди. Демакким, мазкур маънавий – маърифий тадбир ҳам, Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолнинг 80 йиллик юбилейларига бағишланган ижодий учрашув ўз мақсадига эришди.

Айниқса, таржимонлик соҳасидаги буюк хизматлари учун Эрон Ислом Республикаси Халқаро Давлат мукофоти совриндори, Туркия Республикаси Халқаро Давлат мукофоти соҳиби, АҚШнинг Небраска штати ва Линкольн шаҳри Фахрий фуқароси, Шекспир асарларининг таржимаси учун Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг ташаккурномасини олган ва Озарбайжон Республикаси Евроосиё университетининг Фахрий доктори, Озарбайжон Республикаси Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси этиб сайланган Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камолнинг : “Нимагаки эришган бўлсам, китобни севганим ва ардоқлаганим учун эришдим” – деган гаплари ёшлар учун бир умрга эсда қоларлик сабоқ бўлди.

Мазкур тадбирда, шунингдек, китобсеварлик маданияти, китобни қадрлаш, унда тараннум этилган ғоялардан келиб чиқиб, Ватанга, оилага садоқат ва фарзандларни баркамол этиб тарбиялаш – муҳтарам юртбошимизнинг биз – олий таълим профессор – ўқитувчилари ва талабалари олдига қўйган талаблари эканлиги уқтирилди. Иштирокчилар, халқаро миқёсга айланиб кетган ушбу тадбирдан жуда мамнун бўлдилар.

  Мавлуда Абдусамадовна Раҳмонова

Бухоро муҳандислик – технология институти катта ўқитувчиси

Share this post

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *